Муаммоларга ечим топилмоқда
Жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувида "Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бизнинг стратегик йўлимиз" дея таъкидлаб, ушбу соҳа ривожи йўлида бизнес эгалари учун алоҳида енгилликлар ва имкониятлар берилиши ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида жойларда раҳбарлар билан юзма-юз учрашувлар ташкил этиш белгилаган эди.
Шунга мувофиқ, Ҳазорасп туманида ҳам солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш мақсадида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, солиқ ставкалари ва имтиёзлари хусусида тушунтиришлар берилди.
Очиқ ва конструктив тарзда ўтган давра суҳбатида тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Уларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
- Учрашувдан асосий мақсад, тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш, унга тегишли тартибда ечим топишда кўмакчи бўлишдир, - дейди Ҳазорасп тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Жасурбек Аллаёров. Туманимизда 4080 та тадбиркорлик субъектлари яъни 4057 таси кичик, 20 таси ўрта ва 3 таси йирик тоифаларга ажратилган бўлиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Учрашувда қатнашган тадбиркор Маҳмуджон Авадуллаев ҳам солиқ бошқармаси раҳбариятига ўзини қийнаётган масала юзасидан мурожаат қилди. Унга мурожаати бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, солиқ қонунчилигига амал қилиб, солиқлар ва мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган ва шу орқали мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорлар турли хил номинациялар бўйича муносиб тақдирланди. Қуйидаги тадбиркорлар вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти томонидан 5 та номинация бўйича муносиб тақдирландилар.
«Pitnak Eksklyuziv» МЧЖ раҳбари Ражабов Отабек Жаббарович «Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркорлик субъекти»,
«Hazorasp Diamond» МЧЖ раҳбари Курязов Шерзодбек Қўчқорович «Энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти»
«Hazorasp max shoes» МЧЖ раҳбари Авадуллаев Маҳмуджон Султонбоевич «Энг ёш тадбиркор»
«Xazorasp mashinasoz» МЧЖ раҳбари Матчанов Хушнудбек Қаландарович «Энг интизомли солиқ тўловчи»
«Jahon qilich» МЧЖ раҳбари Абдуллаев Рашид Бахтиярович «Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти».